Чорвачилик соҳасига Германиянинг грант маблағлари жалб этилади
Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов ва Германия тараққиёт банкининг Марказий Осиё офиси директори Андреас Шнайдер билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида маълум қилинди.

Қайд этилишча, Германия тарраққиёт банкининг имтиёзли кредит маблағлари юртимизда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳани модернизация ва диверсификация қилиш, чорвачилик соҳасида қулай агробизнес муҳитини ривожлантиришга йўналтирилади.
Шунингдек, ветеринария ва чорвачилик соҳасида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматлари тизимини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда экспертлар жалб этишга грант маблағлари ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида давлатамиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Қарорда белгиланган дастур доирасидаги вазифаларни амалга ошириш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига 2022 йилнинг ўзида Халқаро молия ташкилотларининг 500 млн АҚШ долл миқдорида кредит маблағларини жалб этиш вазифаси юклатилган.
Қўмита томонидан бугунги кунда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Франция тараққиёт агентлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби бир қатор халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, улар иштирокида ветеринария ва чорвачилик соҳасида қиймати 500 млн АҚШ доллари бўлган янги лойиҳалар ишга туширилди.