Қарақалпақстан Республикасы Ветеринария хәм шаруашылықты рауажландырыу комитети

  • #
    Электрон почта

    kkr@vetgov.uz

  • #
    Телефон:

    61 224-16-23

#
20
February

qrvetgov.uz| 602

ЧОРВАЧИЛИК ТАРМОҒИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

Президентимизнинг “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2022 йил 08 февралдаги қарори чорвачилик соҳасида бошланган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида мамлакатимизда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли чора-тадбирларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг соҳани шахсан бевосита қўллаб-қувватлашлари эвазига чорвачиликнинг барча тармоқларида ижобий самара ва натижалар кузатилмоқда. Айни пайтда республикамизда аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, шунингдек, сут ва сут маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжи кун сайин ошиб бормоқда ҳамда унинг таъминоти масаласини ҳал этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида чорвачилик соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиб берилди.

Хусусан, чорвачилик хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўм ҳамда тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм, шунингдек, парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм ва интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида субсидиялар ажратилиши жорий қилинди.

Натижада чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликлар сонининг ортиши ҳамда чорвачилик комплекслари томонидан 282,9 минг тонна тирик вазнда гўшт ва 696,3 минг тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига эришилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 февралда имзолаган “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам соҳада аввал бошланган ислоҳотларнинг узвий давоми ҳамда айни пайтида қабул қилинган, соҳада қизғин кутилган ва тарихий аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Буни, айниқса, чорвачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг кайфитида, уларнинг қарорни кўтаринки руҳ билан кутиб олганликларида ҳис этиш мушкул эмас.

Чунки, республикамиз чорвачилигида ислоҳотларнинг янги даври бошланмоқда. Бу чорвадорларга янги ғайрат, янгича куч-қувват бахшида этади. Эндиликда чорвачиликда интенсив ўсишга ҳамда юқори маҳсулдорликка эришилади.

Хўш, чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектларни молиявий қўллаб-қувватлаш, чорва озуқа базасини янада кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг ўз хонадонларида чорва молларини боқишини ташкил этиш ва чорва озуқа базасига бўлган талабини қондириш борасида қандай қулайликлар, имтиёзлар, молиявий кўмак ва имкониятлар яратилмоқда?!

Энг аввало, қуйидагилар ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан 206 минг гектар суғориладиган ер майдонида алмашлаб экиш ҳамда беда ва чорва озуқа экинлари экилади.

Бу орқали йилига қўшимча 2 млн тонна озуқа бирлигини жамғариш имконияти яратилади. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан 500-1000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекслари ташкил этилиши белгиланди.

Бунинг натижасида 751 916 бош шундан, сут йўналишида 250 115 бош, гўшт йўналишида 501 801 бош қорамол парвариши йўлга қўйилиб, 2 212 минг тонна сут ва 401 минг тонна гўшт ишлаб чиқаришга эришилади.

Шунингдек, 2022-2023 йилларда ҳар бир туманда камида 1 тадан гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва сотиш ишлари ташкил этилади.

Бунда, ўзлаштириладиган ва бўш турган ер майдонлари ҳисобидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга, аҳолига чорва озуқасини етказиб бериш шарти билан, чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерларининг очиқ электрон танлов асосида ижарага берилиши таъминланади.

Қарорга мувофиқ шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга чорвачилик бўйича, шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.

Дейлик, фермер хўжаликлари томонидан 22 фоизли кредит олинганда шунинг 8 фоиз қисми конпенсация ҳисобига қопланиши эвазига 14 фоизга айланади. Иккинчидан, кредит маблағларини олишда етишмайдиган гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик тақдим этилади.

Чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади.

Тижорат банкларига чорвачилик соҳасидаги лойиҳалар учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар ажратилган кредитларнинг қайтариш муддатини тадбиркорларнинг аризаларига кўра ўн йилгача узайтириш тавсия этилмоқда.

Фермер хўжаликлари томонидан олиб келинган қорамоллардан олинган бузоқлар даромадга киришига ва бу орқали хўжаликлар ҳам даромад қилади, ҳам кредитларини ўз муддатида тўлаш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар қўшимча қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 000 сўмдан 4 000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади.

Бир килограмм гўшт ва бир литр сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сарфланадиган харажатнинг маълум қисмини қоплайди. Бунинг натижасида фермер хўжаликларининг қўшимча даромади ошиб, фаолиятини янада кенгайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, техника харид қилиш имконияти яратилади.

Чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Фермер хўжали томонидан харид қилинган техника учун кредит ёки лизинг йиллик 22 фоиздан олинса, 12 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади ва бу фоиз кўрсатгичи фермер хўжалиги учун 10 фоизни ташкил этади.

Озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади.

Бунда, бир гектар ер майдонига ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш 2 500 АҚШ долларида бўлса, 8 млн. сўм субсидия ҳисобига ўрнатиш нархи 1 700 АҚШ долларига тўғри келади.

Ушбу технологияларни жорий этиш натижасида озуқа экин ерларидан олинадиган биргина макажўхорининг ҳосилдорлиги гектарига 35 центнердан 60 центнерга етказилади.

Гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади.

Гидропоника усулида озиқлантирганда майда шохли молларнинг тирик вазни 18-20 фоиз қўшимча вазнга ҳамда сут маҳсулдорлиги 15-20 фоизга ошади. Бу орқали экин ерлари камлиги, сув тақчиллиги шароитида гидропоника усулида чорва озуқаси етиштириш соҳага ва чорва моли боқувчиларга катта манфаат келтиради.

Хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан ва утилизация йиғимидан озод қилинмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилмоқда.

Бу имтиёз фермер хўжаликлари томонидан кўплаб замонавий техника олиб кириши ва озуқа экинларини вақтида йиғиб олиниши натижасида хўжаликнинг самарадорлиги ошишига замин яратилади.

Баҳром Норқобилов,

Ўзбекистон Республикаси

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш давлат қўмитаси раиси,

Ветеринария фанлари номзоди.

Манба:  uza.uz

 

Search

(Қарақалпақша) O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti rasmiy veb-sayti

Ózbekstan Respublikası Prezidentiniń sociallıq tarmaqlardaǵı rásmiy betleri

Tags

Skip to content