Оғиз сутини бериш. Соғлом қўзи туғилгандан 15-20 дақиқа ўтгандан кейин онасининг елинини ҳидлаб топади ва эмади, бундай пайтларда уларни стрессга учратмаслик,
яъни безовта қилмаслик тавсия этилади. Агар у онасини эма олмаса, эмишига ёрдам берилади.
Қўзиларга оғиз сути албатта берилиши керак, у 3-5 кун давомида ажралиб чиқади. Оғиз сути таркиби кўпгина витаминларга ва оқсилга бой бўлиб, қўзиларнинг касалликка қарши иммунитетини оширади.

Баъзи ҳолларда, совлиқ (жуда ориқ бўлганлигидан ёки семизлиги меъёрда бўлса ҳам) боласини елинига яқин йўлатмайди. Бундай қўзилар қатори онаси ўлган ёки эгизак
бўлиб туғилган қўзиларни (агар онаси эгизакларни боқа олмаса) бошқа янги туққан қўйларга ўргатиш керак бўлади.
Бу ачинарли ҳолат. Шу боис муаммога ҳожат қолдирмаслик учун қуйидаги тадбирларни қўлланг:
– ўргатиладиган қўзичоқ билан она қўйлар катакларда бирга сақланади;
– бироз вақт ўтгач, она қўйлар қўзичоққа ўрганиб эмишига рухсат беради;
– она қўйнинг сути ўргатилаётган қўзичоқнинг бошига, танасига ва бурнига суртилади. Қўйлар қўзичоқни ҳидлаганда, ўзининг боласи деб ўйлаб, уни бегона қилмайди;
– ўлган қўзичоқнинг мўйнаси қўзичоқнинг орқасига боғланади;
– қўйнинг зурриётлари туғилгандан сўнг дарҳол нобуд бўлса, қўйнинг йўлдоши ўргатилаётган қўзичоққа суртилади;
– она қўй думининг орқа қисми етим қўзига яхшилаб суртилиб, унинг ҳиди қўзига сингдирилади.

Қўзиларни боқиш усуллари Ўзбекистонда қўзиларни табиий боқиш ва эрта сутдан
ажратиш усулларида боқилади. Шунинг билан бирга, қўйчиликда олиб борилган илмий-тадқиқотларга асосланиб, қўзиларни тезроқ ривожланишини таъминлаш мақсадида уларни ёшлигидан жадал бўрдоқилаш усулларини қўллаш тавсия этилади.
Табиий боқиш усулида қўзилар сутдан ажратишгача бўлган вақт мобайнида онаси билан биргаликда оғил ва яйловларда боқилади ёки сутдан ажратилгунга қадар оғилда
сақланади. Республикамизда совлиқлар асосан соғилмайди, қўзилар 4,5-5 ой давомида онасини эмади. Қўзилар (зотига, парваришига қараб) сутдан ажратилган пайтда қоракўл зотларда ўртача 25-30 кг, гўшт йўналишидаги думбали зотларда 35-40 кг тирик вазнга эга бўлади. Бу даврда яйлов шароитларини ҳисобга олган ҳолда қўшимча тўйимли озуқалар билан озиқлантириш мумкин.

Эрта сутдан ажратиш деганда қўзиларни одатий эмиш давридан аввал сутдан ажратиш тушунилади. Бу усул икки мақсадда амалга оширилади: биринчидан, бир йилда бир бошдан ортиқ қўзи олиш, иккинчидан она қўйларни тезроқ кейинги қочиришга тайёрлаш учун бу усулни қўллаш яхши натижа беради, чунки аҳоли хонадонида 1,5-2,0 ойлик ёшида сутдан ажратилган қўзиларни боқиб, парваришлаш имкониятлари мавжуд.
Янги туғилан қўзиларга ҳар бир килограмм қўшимча вазн олиши учун ўртача 5 кг она сути сарф қилинади, 2,0-2,5 ойлигида эса улар кунлик ўртача 250-300 грамм семириши учун кунига 1,2-1,5 литр она сутини эмиши керак. Лактация даврининг ўрталарига бориб она сути аста–секинлик билан пасайиб боради, қўзиларнинг эса тўйимли озуқага бўлган талаби ошиб бораверади. Шунинг учун қўзиларни 15-20 кунлигидан бошлаб концентрат, пичан ва ширали озуқаларга ўргатилади.

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлимида ишлаб чиқилган тавсияларга асосан республикамизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида гўшт-ёғ
йўналишидаги думбали қўй зотларида қўзиларни боқишнинг қуйидаги усуллари мавжуд: омихта ем билан қўзиларни боқиш 1 ойлик ёшидан бошланади, бунда икки хил йўл бор:

а) қўзилар совлиқдан ажратилгач, махсус бўлимга олиб борилади. У ерда ярим кун қолади, қўзиларнинг олдига омихта ем ва тоза сув қўйилади. Куннинг иккинчи ярмида
қўзилар она қўй ёнига олиб борилади ва эмиши таъминланади;
б) қўзилар алоҳида бўлимларда асралади, охурларга омихта емлар солингач, қўзилар кун давомида шу ерда овқатланади. Она қўйлар яйловдан қайтгач, қўзилар бўлим-
дан чиқарилиб, онасини ёнида эрталабгача бирга бўлиб эмади.
Биринчи усулда қўзичоқлар аралаш овқатланишга тезроқ ўрганади, лекин бу иш кўпроқ меҳнат талаб этади.
Қўзилар 8 ҳафталик, яъни 2 ойлик ёшида совлиқлардан ажратилади. Агар қўзи онасининг сутига тўйиб, меъёрида боқилган бўлса, бу ёшдаги қўзиларнинг тирик вазни ўртача 18-21 кг га етади.
Қўзилар оналаридан ажратилгандан сўнг, улар ёмғирдан ҳимояланган, таги қуруқ ва ҳаво оқими елвизак бўлмаган, алоҳида хоналарга жойлаштирилади. Ушбу қўзичоқлик
бўлимидаги идишлар оддий, аммо қўзилар кира олмайдиган усулда тайёрланиши керак. Акс ҳолда ифлосланиш туфайли озуқалар истеъмолининг пасайиши ва касалликлар тарқалиши мумкин.
Қўзилар 50-60 кун давомида тегишли вазнга (25-30) етгунча бўлимда сақланади, бу даврда қўзиларга озуқалар аралашма ҳолда берилади.

Қўзилар учун энг яхши омихта озуқалар – буғдой кепаги, пахта чигити шроти, сули, арпа; ширали озуқалар – майдаланган илдизмевалилар ҳисобланади. Қўзиларни сифатли беда пичани билан истаганча озиқлантириш мумкин.
Бу даврда қуйидагиларга эьтибор беринг:
– бўлимда қўзилар учун янги ва узлуксиз озуқа бўлсин;
– бўлимда озуқа охурлари ҳеч қачон бўш қолмасин;
– қўзилар аралаш озуқаларга аста-секин ўргатилсин;
– охурлар сув, ёмғир ва қор каби салбий таъсир этувчи омиллардан ҳимояланган бўлиши керак;
– нам емлар моғорлаши мумкин, шунинг учун охурлар тез-тез текширилиб турилиши керак, агар айниган емлар бўлса, дарҳол уларни охурдан олиб, жойларни тозалаб қўйиш керак.

Манба: «ҚЎЙЧИЛИК» Тузувчи: Н.Р. Рўзибоев – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-
тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи, қ.х.ф.д. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ